«Эбола» вируси топилган мамлакатларга сайёҳлик сафарлари тўхтатилди

«Эбола» вируси топилган мамлакатларга сайёҳлик сафарлари тўхтатилди

“Эбола” вирусининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги ва “Ўзбектуризм” МКга “Эбола” вируси тарқалган мамлакатларга (Гвинея, Сьерра-Леоне, Либерия, Конго Демократик Республикаси, Нигерия, Сенегал ва Мали) ва улардан Ўзбекистонга қилинадиган сайёҳлик ва бошқа сафарларни вақтинчалик тўхтатиш топширилди, дея хабар беради “Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг матбуот хизмати.

Мазкур қарор шу йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Эпидемияга қарши курашиш бўйича фавқулодда комиссияси мажлисида 23-сонли баённома билан қабул қилинди.

Шу муносабат билан Компания ушбу мамлакатларга сайёҳлик ва бошқа сафарларни тўхтатишни ҳамда мазкур мамлакатларга/дан сайёҳлик сафарларини ташкил этишда хавфсизлик чораларини қабул қилишни сўрайди.

Шу билан бирга “Ўзбектуризм” МК Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу вирусдан самарали ҳимоя қилиш, шу жумладан дастлабки профилактик чоралар бўйича йўриқнома ишлаб чиқилмоқда. Ушбу йўриқнома сайёҳлик фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар орасида тарқатилади.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз сайтида Эбола вируси ҳақида тез-тез бериладиган саволларга жавобларни жойлаштирган эди.

БМТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Эбола вирусига чалиниш ҳолатлари АҚШ, Канада, Буюк Британия, Испания ва Германияда қайд этилган, шунингдек ушбу вирус Россия, Белоруссия, Молдова, Австралия ва Япония ҳудудига киргани тўғрисида шубҳалар мавжуд.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.