Ўзбекистонни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Президент Ислом Каримовга «Биллур глобус» тақдим этилди

Ўзбекистонни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Президент Ислом Каримовга «Биллур глобус» тақдим этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 11 ноябрь куни Оқсаройда Америка-Ўзбекистон савдо палатасининг (АЎСП) навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган АЎСП Раиси Кэролин Лэммни қабул қилди, дея хабар беради ЎзА. 

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси 20 йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ўзаро муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиб келаётганини таъкидлади. 

Кэролин Лэмм давлатимиз раҳбарига самимий қабул ва Америка-Ўзбекистон савдо палатаси фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди. 

Учрашувда иқтисодиёт ва инвестициялар соҳасидаги ўзаро муносабатларни ривожлантириш истиқболлари бўйича ҳам фикр алмашилди. 

Музокара якунида Ўзбекистонни глобал бизнес соҳасида етакчи мамлакат сифатида ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Президент Ислом Каримовга «Биллур глобус» тақдим этилди. 

Қайд этиб ўтамиз, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси ноҳукумат нотижорат ташкилотига Американинг «Боинг», «Женерал Моторз», «Женерал Электрик», «Ханиуэлл», «Рио Тинто», «Цеппелин», «Локхид Мартин», «Мерк», «Уайт энд Кейс», «Солар Турбинз», «ЭфЭмЭн Интернэшнл» каби 17 етакчи компанияси аъзо.
збекистон билан «Женерал Моторз» компанияси ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Ушбу ҳамкорлик мамлакатимизнинг турли ҳудудларида амалга оширилаётган уч йирик лойиҳадан иборат. Булар – Андижон вилоятида автомобиллар, Тошкент вилоятида энг замонавий двигателлар, Хоразм вилоятида автомобиллар ишлаб чиқаришнинг барча жараёнларини қамраб олган лойиҳалардир. 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ўн бешта замонавий «Боинг» самолётидан муваффақиятли фойдаланмоқда, улар барча авиаташувларнинг ярмидан кўпини таъминлаётир. Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон Эйрвейз Текникс» авиация корхонаси базасида самолётлар конструкциясининг йирик композит қисмларини таъмирлаш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш, шунингдек, «Боинг» самолётларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш соҳасида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.  

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.