Тўрақўрғон туманида янги буғ-газ электр станциясини барпо этиш учун JICA томонидан 704 млн доллар кредит ажратилди

Тўрақўрғон туманида янги буғ-газ электр станциясини барпо этиш учун JICA томонидан 704 млн доллар кредит ажратилди

Шу йилнинг 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини биргаликда молиялаштириш тўғрисида заём битими имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради. 

Мазкур лойиҳага кўра, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ҳар бири 450 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмадан иборат умумий қуввати 900 МВт бўлган янги буғ-газ электр станциясини барпо этиш кўзда тутилган. 

Тўрақўрғон ИЭС қурилиши лойиҳаси доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) 71,8 миллиард япон иенаси миқдорида узоқ муддатли имтиёзли кредит тақдим этмоқда. Бу 704 миллион АҚШ долларига тенгдир. Кредит йиллик 0,3 фоиз ставкаси билан 40 йилга, шу жумладан, 10 йиллик имтиёзли муддатга берилмоқда. 

Заём битимини Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р.Азимов, Япония томонидан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти К.Янагисава имзолади. 

Қайд этиб ўтамиз, Тўрақўрғон ИЭС йилига 6,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу Фарғона водийсида электр энергиясига ортиб бораётган талабни, жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун электр энергиясига бўлган эҳтиёжни таъминлаш имконини беради. 

Айни пайтда JICA молиявий кўмагида Қашқадарё вилоятидаги Таллимаржон ИЭСда умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмаси барпо этилмоқда, Навоий ИЭСда 450 МВт қувватли иккинчи буғ-газ қурилмаси лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Тошкент шаҳридаги 4-иссиқлик марказида 108 МВт қувватга эга когенерацион қурилмани жорий қилиш лойиҳаси тайёрланмоқда. 

Шунингдек, JICA техник кўмагида Тошкент шаҳрида минтақада биринчи Буғ-газ ва газ турбинаси қурилмаларига хизмат кўрсатувчи мутахассислар тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилмоқда. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.