Юнусободда коммунал хизматларнинг куз-қиш даврига тайёргарлигини текшириш бўйича қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказиляпти

Юнусободда коммунал хизматларнинг куз-қиш даврига тайёргарлигини текшириш бўйича қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказиляпти

Тошкентнинг Юнусобод туманида туман коммунал хизматларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини текшириш, рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда ҳаракат қилишни пухта ўрганишга қаратилган қўмондонлик-штаб ўқув машқлари бошланди. 

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Юнусобод тумани ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ўқув машқлари ҳамда тезкор штаб ишида тўқсондан ортиқ турли вазирлик ва идораларнинг ходимлари иштирок этмоқда, дея хабар беради ЎзА.

Совуқ кунлар ва навбатдаги куз-қиш мавсуми бошланиши билан фавқулодда ҳолатлар пайдо бўлиш хавфи ҳам ортади. Уларни прогноз қилиш, олдини олиш ва оқибатларини ўз вақтида бартараф этиш шаҳар коммунал хизматларининг мавсумга тайёргарлик даражасига боғлиқ. 

Юнусобод тумани ҳокимлиги ҳузурида коммунал хизматларнинг куз-қиш даврига тайёргарлигини текшириш бўйича қўмондонлик-штаб ўқув машқларининг махсус тезкор штаби ташкил этилди.

Қўмондонлик-штаб ўқув машқлари доирасида ҳар бир иштирокчига Юнусобод туманидаги алоҳида участка бириктирилди. Штаб иши давомида улар ҳар куни туман кўча ва маҳаллаларини кўздан кечиради. Бундан ташқари, коммунал хизматларга ҳам алоҳида топшириқлар берилди. Улар аниқланган муаммоли участкаларда таъмирлаш-қайта тиклаш ишларини амалга ошириб, бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот тақдим этади. 

Тезкор штаб ишининг биринчи кунида шаҳар коммунал хизматлари фойдаланаётган махсус автотехникалар – қурилиш кранлари, бульдозер, чиқинди ташиш машинаси, трактор, «Тез ёрдам» машиналари, шунингдек, турли техник воситалар билан жиҳозланган махсус транспортлар намойиш этилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.