Ислом Каримов Россия бош вазирининг ўринбосари билан учрашди

Ислом Каримов Россия бош вазирининг ўринбосари билан учрашди

Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнти Ислом Каримов 26 ноябрь куни Оқсаройда Россия Фeдeрацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Козакни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар беради.

Ўзбекистон раҳбари мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолатидан мамнунлигини билдирди, Ўзбекистон Россия билан савдо ва инвестициявий ҳамкорликни фаол ривожлантириш ва диверсификация қилиш тарафдори эканини таъкидлади.

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн олтинчи мажлиси натижаларини юқори баҳолади.

Шу ўринда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналиши эканини таъкидлаш жоиз. Россия Ўзбекистоннинг бу соҳаларда муҳим шериги ҳисобланади. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошган. Жорий йилнинг 9 ойида ўзаро савдо ҳажми 4,55 миллиард долларни ташкил этган.

Мулоқот чоғида ушбу кўрсаткичлар мамлакатларимизнинг мавжуд салоҳияти даражасида эмаслиги қайд этилди.

Ўзаро муносабатларни ривожлантиришда транспорт ва транзит ташувлари соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.