Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонда кўрсатиладиган хизматларга рублда тўлаши мумкин

Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонда кўрсатиладиган хизматларга рублда тўлаши мумкин

Россия авиакомпаниялари Ўзбекистондаги аэропортлар кўрсатадиган хизматлар учун олдиндан тўловни рублда амалга ошириши мумкин. Бу ҳақда журналистларга  РФ транспорт вазирининг ўринбосари  Валерий Окулов маълум қилди.

Томонлар бу борадаги тегишли келишувга чоршанба куни Тошкентда бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси давомида эришди, дея қайд этади Окулов.

Россиялик амалдорнинг сўзларига кўра, Россия авиакомпаниялари Ўзбекистон аэропортларида кўрсатиладиган техник, тижорат ва аэронавигация хизматлари учун (авиа ёнилғи тўлови бундан мустасно) олдиндан тўловларни рублда амалга оширишлари мумкин.

Ўзбекистон томони ҳам “Аэрофлот”га “Москва-Самарқанд-Москва” йўналиши бўйича парвозларга мавсумий жадвал асосида рухсат беришга рози бўлди.

Ўз навбатида, Россия томони “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига “Тошкент-Владивосток-Тошкент” йўналиши бўйича парвозларни амалга оширишга рухсат берди, дея хабар беради “UzDaily” нашри.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.