ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлади

ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлади

Ўзбекистонга Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилар миссиясининг 12 кишидан иборат асосий гуруҳи келди. Миссияга элчи Даан Вильям Эвертс раҳбарлик қилмоқда.

Яқин кунларда уларга 8 кишидан иборат узоқ муддатли кузатувчилар қўшилади. Шундай қилиб, ЕХҲТ/ДИИҲБнинг кузатувчилар миссияси ЕХҲТга аъзо 16 мамлакат: Беларусь, Босния ва Герцеговина, Буюк Британия, Германия, Дания, Италия, Молдова, Нидерландия, Норвегия, Польша, Россия, Сербия, Франция, Чехия, Швейцария, Швециянинг жами 20 вакилидан иборат.

Миссия Ўзбекистондаги фаолиятини жорий йилнинг 1-30 декабрь кунлари давомида ташкил этишни режалаштирган. Унинг асосий вазифаси миллий сайлов қонунчилиги ҳамда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тажриба умум эътироф этилган халқаро норма ва стандартларга мос келишини баҳолашдан иборат. Кузатиш давомида миссия сайлов органлари ишининг ташкил этилиши, сиёсий партиялар, ОАВнинг сайлов жараёнидаги фаолияти билан танишади.

Марказий сайлов комиссияси тарқатган хабарга кўра, бугунги кунда 35 та хорижий давлат, шу жумладан Осиё, Европа, МДҲ мамлакатлари, Африка ва Америкадаги 275 нафар кузатувчига таклифномалар юборилган. Улар орасида миллий парламентлар ва сайлов органларининг раҳбарлари ҳамда аъзолари, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари, шунингдек, олим ва сиёсатшунослар кўпчиликни ташкил этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.