5 та муҳим ташаббус доирасида вилоятларга спорт карвони жўнатилди

5 та муҳим ташаббус доирасида вилоятларга спорт карвони жўнатилди

15 январь куни пойтахтнинг “Миллий” стадионида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида спорт жиҳозлари ва инвентарлари жой олган спорт карвонини мамлакат ҳудудларига кузатиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, ҳудудий бошқармаларнинг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Барча ҳудудлардан келган масъул вакилларга махсус сертификатлар топширилди ва улкан спорт карвони республика бўйлаб йўлга чиқди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ёшларига жўнатилган ушбу спорт карвонидан умумий қиймати қарийб 50 миллиард сўмлик 96 турдаги спорт жиҳозлари, инвентарлари ва кийимлари жой олган. Шундан 19 миллиард 316 миллион 802 минг сўмлик спорт жиҳозлари мамлакатимиздаги 230 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига етказиб берилади.

Бундан ташқари, юртимизда волейбол спортини янада ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 30 миллиард 309 миллион 22 минг сўмлик спорт жиҳозлари, инвентарлари ва кийимлари эса республикамиздаги 7 542 та умумтаълим мактабларига жўнатилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.