Ангренда янги шина заводи барпо этилади

Ангренда янги шина заводи барпо этилади

2014 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ангренда резина-техника буюмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қурилишини кўзда тутувчи қарорни имзолади, дея хабар беради “12news” нашри.

Ушбу корхона “Ўзкимёсаноат” ДАК ва Хитойнинг “Poly Technologies Inc” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Дониёр Қурбонов Пекинда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 183, 96 млн.долларни ташкил этади.

«ХХРнинг Эксимбанки 156,3 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит тақдим этади», — дейди Д.Қурбонов.

Бундан олдин, ўтган йил якунида “Ўзкимёсаноат” ДАК Ангренда бошланғич қиймати 190 млн долларни ташкил этувчи шина заводини тўлиқ қуриб беришга тендер эълон қилгани ҳақида хабар берилганди.

Заводнинг лойиҳа қуввати йилига 3 млн дона автошина, 200 мингта қишлоқ хўжалик шинаси ва йиғим-терим техникаси учун 100 минг погон метр конвейер лентасини ташкил этади. Завод тугатилган “Тезинотехника” ОАЖ майдонида жойлаштирилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.