Ўзбекистонлик мутахассислар Isuzu автомобилларига техник хизмат кўрсатиш бўйича халқаро танловнинг биринчи учлигига кирди

Ўзбекистонлик мутахассислар Isuzu автомобилларига техник хизмат кўрсатиш бўйича халқаро танловнинг биринчи учлигига кирди

2014 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд автомобиль заводининг («СамАвто» МЧЖ) уч нафар мутахассиси Японияда бўлиб ўтган “I-1 Grand-Prix Isuzu” нуфузли танловида фахрий 3-чи ўринни эгаллаб қайтди.
 
Техник мусобақа доирасида қатнашчилар берилган вақт давомида назарий (ёзма) ва амалий машғулотларни бажаришлари лозим эди.
 
Автомобиллардан фойдаланиш назарияси инструктори – гуруҳ мурабийи Михаил Фирсов ҳамда автомобиль йиғиш бўлимининг усталари Алишер Қобилов ва Даврон Абулқосимовлар ҳақиқий жамоавий жипслашув ва юқори диққатни намойиш эта олишди. Улар кўп йиллик тажрибалари ва профессионал ёндошувлари эвазига барча техник шартларни қисқа вақт ичида бажаришга муваффақ бўлишди.
 
I-1 Grand-Prix Isuzu халқаро танлови илк бора 2005 йили Японияда ўтказилган. Ўша вақтдан буён ҳар йили бутун дуне буйлаб Isuzu оиласига кирувчи завод ва хизмат кўрсатиш марказларининг энг сара мутахассислари иштирок этиб келади.
 
Ўз мамлакатларида танловнинг дастлабки саралаш мусобакаларидан муваффақиятли ўтиб келган жамоалар иккита гуруҳга бўлинадилар: А гуруҳи таркибида Евро-4 ва ундан баландроқ бўлган стандартлар амал қилаётган мамлакатлар вакиллари, В гуруҳида эса Евро-3 стандартлари амал қилаётган мамлакатлар вакиллари ўз билимларини синаб кўрадилар. Ҳар бир жамоа бир нафар мураббий ва икки механикдан иборат. Мураббий зиммасига механиклар хатти-ҳаракатини мувофиқлаштириш ҳамда бузилишлар сабабини  қайд этиб бориш вазифалари киради.
 
Жамоа вакилларининг сўзларига кўра, ушбу танлов япониялик ҳакамларнинг кучли назорати остида ўтди. Ҳар бир бажарилган вазифа ишлатилган вақт ва намойиш этилган сифатга асосан баҳоланди. Двигателни кўрикдан ўтказиш ва уни соз ҳолатга келтириш йўналишида Ўзбекистонлик жамоа гуруҳдаги энг юқори кўрсаткич – 60 баллдан 54 баллни тўплай олди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.