Амур областида тартибсизлик уюштирган ўзбекистонлик ишчиларнинг иш ҳақи тўланди

Амур областида тартибсизлик уюштирган ўзбекистонлик ишчиларнинг иш ҳақи тўланди

Амур газни қайта ишлаш заводида (ГҚИЗ) ғалаён кўтарган ўзбекистонликларга ойлик маошлари тўланган ва уларнинг яшаш шароити яхшиланган. Бу ҳақда «Фергана» нашриЎзбекистоннинг Россиядаги Бош консули Меҳриддин Хайриддиновга таянган ҳолда хабар беради. У 13 июлда жанжал жойида бўлиб, ватандошлар билан учрашган.

 «Воқеа биринчи кунданоқ Ўзбекистон раҳбариятининг диққат марказида бўлди. Пудратчилардан бири Туркиянинг Renaissance Heavy Industries компанияси бўлган мазкур заводда 11 200 нафар фуқароларимиз ишлайди. 13 июль куни улар бир неча талабни илгари сурган ва бу ушбу объектдаги биринчи оммавий норозилик бўлган. Бу ерда ишчиларнинг шахсий муносабатлардан тортиб, ойлик берилиши-ю, овқат ва иссиқ сув таъминотигача бўлган муаммолар йиғилиб қолган. Коронавирус ҳам муаммога ўз ҳиссасини қўшган: Амур области карантинда бўлгани боис юртдошларимиз маълум вақт ишга чиқмаган», — рассказал Хайриддинов.

Амур области губернатори Василий Орлов меҳнат мигрантлари ва компания раҳбарияти билан учрашган, шундан сўнг «ишчиларга кенг кўламда иқтисодий кўмак берилишини, жумладан карантин даври учун компенсация тўлови, вахтада олти ой ва ундан кўп муддатда бўлганлар учун маош берилиши»ни маълум қилган.

Дипломатнинг сўзларига кўра, тўполон жойига Renaissance Heavy Industries президенти, “НИПИГАЗ” лойиҳаси бош пудратчиси раҳбарияти, область губернатори, шунингдек ИИВ ва прокуратура вакиллари етиб келган.
 
«Ҳамкорликда олиб борилган ҳаракатлар туфайли бир неча кун ичида муаммолар ҳал этилди, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари тикланди, уларга ойлик машларининг 90 фоизи тўланди. Банк ўтказмаларида муаммолар мавжудлиги сабаб, қолган одамлар ойлигини 17 июлга қадар олади. Бугун эрталаб барча юртдошларимиз ишга чиққан. Махсус хизмат ходимлари заводни тарк этган, шаҳарчада тартиб ўрнатилган, хавфсизлик хизмати ўз ишини бошлаган», — дея қайд этади бош консул.

Шунингдек, озиқланиш масаласи ҳам ҳал этилган: ишчиларнинг меню ва рациони қайта кўриб чиқилган, мигрантлар билан бирга овқатланган Бош консул бунга шахсан гувоҳ бўлган. Иссиқ сув таъминоти масаласи объект нолдан қурилгани ва коммуникация борасида муаммолар мавжудлиги боис ҳозирда ҳал этиш босқичида турибди.

Оммавий тартибсизлик учун ишчилар жазоланишига оид саволга жавобан Бош консул мазкур иш бўйича тергов органлари жиноий иш қўзғатганини, ҳозирда процессуал ҳаракатлар олиб борилаётганини айтади. «Текширув нафақат бизнинг фуқароларимиз, балки иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилиги бузилгани борасида ҳам олиб борилмоқда», — деди Меҳриддин Хайриддинов.

Тартибсизлик 13 июль куни Амур области Свободний районидаги Renaissance Heavy Industries компаниясининг вақтинчалик вахта шаҳарчасида содир бўлган. Унда 300 га яқин одам, асосан Ўзбекистон фуқаролари иштирок этган. Прокуратура томонидан оммавий тартибсизликларни бошлаган ташаббусчи ва фаол иштирокчиларга нисбатан РФ ЖКнинг 213-моддаси 2-банди («Безорилик», жазо — етти йилгача қамоқ) ва 212-моддаси 2-банди («Оммавий тартибсизликда иштирок этиш» — саккиз йилгача қамоқ жазоси) билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Текширувлар шуни кўрсатадики, компания ишга олган ишчиларига моддий ва ижтимоий ёрдам бермаган. Бундан ташқари, Renaissance Heavy Industries бир томонлама мингдан ортиқ ишчининг 14,4 млн рубль миқдорида ойлигини икки ойлик патент тўлови учун ушлаб қолган. Мазкур ҳолат бўйича прокуратура томонидан компанияга нисбатан РФ Маъмурий ҳуқуқбузарликлар  тўғрисидаги кодексининг 18.9 — моддаси 1- банди («Россия Федерациясида чет эл фуқаросини яшаш қоидалари») ва 5.27-модда 1-банди («Меҳнат қонунчилигини бузиш») билан маъмурий иш қўзғатилган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.