АОКА: «Журналистларга нисбатан ўтказиладиган ҳар қандай тазйиқ Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатига мутлақо тўғри келмайди»

АОКА: «Журналистларга нисбатан ўтказиладиган ҳар қандай тазйиқ Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатига мутлақо тўғри келмайди»

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўз ваколати доирасида Қорақалпоғистонда ОАВнинг уч бош муҳарририни ҳибсга олиш билан боғлиқ вазиятни ўрганиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ёзма мурожаат юборди. Бу ҳақда ўз телеграм-каналида Агентлик директори вазифасини бажарувчи Дилшод Саиджонов хабар беради.
 
Мурожаатда қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари “Журналистик профессионал фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 10, 14 моддалари, Ўзбекистон Республикаси Жиноий-профессуал кодекснинг 88-моддаси талабларини бузган.
 
«Шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардикки, Makan.uzKruz.uz ва Repost.uz (хакер ҳужумига учраганлиги ўрганилмоқда) Интернет-ОАВлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўрмасдан қонунга зид ҳаракат қилишган. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасида ОАВ ўзи тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда жавобгар экани белгиланган. Шунинг учун Агентлик уларга тегишли тақдимномалар жўнатди», – дейилади хабарда
 
Журналистларга нисбатан ўтказиладиган ҳар қандай тазйиқ ёки босим Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати ҳамда сўз эркинлиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга мутлақо тўғри келмайди. Юқоридаги каби ҳолатларнинг содир бўлиши Ўзбекистоннинг халқаро имижига путур етказиши ҳамда давлат органларига нисбатан ишончсиз муносабатлар вужудга келишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун, давлат органлари ҳам, ОАВ ва блогерлар ҳам ахборот соҳасидаги қонунчиликка бўйсуниши шарт, томонлар ўртасида пайдо бўладиган ҳар қандай низоли вазият мавжуд қонунлар, шунингдек, суд тизими доирасида ҳал қилиниши зарур.

Эслатиб ўтамиз, Makan.uz, Kruz.uz ва Kar24.uz қорақалпоқ нашрларининг бош муҳаррирлари Repost.uz нашрида коронавирусдан даволанаётган Қорақалпоғистон Жоқорғи Кенеси раиси Муса Ерниязов ўлгани ҳақидаги хабарни чоп этганидан кейин прокуратурага чақирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.