Артистларни тадбирларга бепул жалб этиш давлат органларига тақиқланди

Артистларни тадбирларга бепул жалб этиш давлат органларига тақиқланди

Давлат органлари томонидан давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкорлар ва ижрочиларнинг жамоатчилик асосида жалб қилинишига йўл қўйилмайдиган бўлинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
 
2021 йил 1 январдан бошлаб концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориш Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилади.
 
Бунда концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилинади.
 
Давлат органлари ва ташкилотларининг ташаббуслари билан ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг календарь режалари асосида ўтказилади.
 
Давлат ҳокимияти органларининг календарь режаларда назарда тутилмаган давлат тадбирларини ўтказишни назарда тутувчи қарорларида ушбу тадбирларни ташкил этиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар бўйича буюртмачилар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари кўрсатилади.
 
Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳаси вакилларининг Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилади. 

Маданият вазирлиги Палата фаолиятининг дастлабки босқичларида уни қўллаб-қувватлаш учун Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм ажратиш топширилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.