Барча давлат органларида президент ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш учун ягона тизим жорий этилмоқда

“Қонун ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
 
Фармонга кўра, “Ijro.gov.uz” тизими орқали қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизими жорий қилинади.
 
2021 йил 1 апрелдан республика даражасидаги барча давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда Президент Администрациясининг Ижро интизомини таъминлаш шўъбаси билан келишилади.
 
2021 йил 1 майдан барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилади, бунда бошқа ҳар қандай назорат дастурлари, ҳисоботлари ва базаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.
 
Қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича йиллик манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишлар дастури Адлия вазирлиги томонидан Ҳисоб палатаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар таклифлари асосида ишлаб чиқилади ва Президент Администрацияси раҳбари томонидан тасдиқланади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.