Барча ирригация объектларида Smart Water тизими пайдо бўлади

Барча ирригация объектларида Smart Water тизими пайдо бўлади

Барча ирригация тизими объектларида Smart Water сувни ўлчаш ва назорат қилиш асбоблари ўрнатилади. Бу ҳақда мамлакат президентининг “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида сўз боради.

Сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш Концепциянинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Фармонга кўра, 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришиш назарда тутилган: суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш; сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш; шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш; Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш; барча ирригация тизими объектларига “Smart Water” (“Ақлли сув”) сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш; 100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;
 
Шунингдек концепцияда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш ҳамда сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.

Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатида бажарилишини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги тизимида масъул бошқарма ташкил этилади. Кластерларга ўз балансидаги қишлоқ хўжалиги экин ерларида жойлашган сув хўжалиги объектларини бошқариш йўналишидаги Сув хўжалиги вазирлигининг функцияларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўтказиш тўғридан-тўғри музокаралар орқали амалга оширилади.
  
Шунингдек, Фармон билан концепцияда белгиланган вазифаларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си тасдиқланди. Унга мувофиқ Сув кодекси ишлаб чиқилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.