«Биз уч ой газсиз яшадик» – дейди Бухородаги газ портлаган уйда истиқомат қилувчи аёл

Бухоро шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида қурилаётган кўп қаватли уйда 4 февраль куни юз берган портлашда 12 киши жароҳатланган, жиноий иш қўзғатилган. «Халқ сўзи Online» Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида ётган бахтсиз ҳодисадан жабр кўрганлар билан суҳбатлашди.
 
Мазкур филиал директори ўринбосари Қаҳрамон Каримовнинг маълум қилишича, ушбу воқеа оқибатида жабрланган 12 нафар фуқаро шифохонага зудлик билан олиб келиниб, уларга зарур муолажалар кўрсатилган. Жабрланганларнинг беш нафарига мия чайқалиши ташхиси қўйилган бўлиб, улар ўрта оғир аҳволда. Икки нафари умумий реанимация бўлимида ётибди. Бирининг аҳволи оғирроқ. «Бироқ хавотирга ҳожат йўқ. Зарур муолажалардан сўнг бу беморларимиз ҳам соғайиб, худди кўрмагандек бўлиб кетишад», – дейди шифокор.
 
«Кўп қаватли уйда портлаш рўй берган паллада биз шахсий автомашинамизда кетаётгандик. Рулда турмуш ўртоғим эди. У кишига зиён етмади. Аммо машинамиз ойналари чил-парчин бўлиб кетди. Шиша қўлимни кесиб юборди. Ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Шифокорларга раҳмат. Қўлларидан келган ёрдамни беришяпти», -дейди  беморлардан бири Шаҳло Идиева.
 
Ижтимоий тармоқларда портлаш рўй берган кўп қаватли уйга ҳали одамлар кўчиб келишмагани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди. Аммо ҳақиқатда уйда 2020 йилнинг октябрь ойидан буён яшаб келаётган оилалар борлиги маълум бўлди.


 
«Ишдан қайтаётиб, синглимнинг икки ёшли боласини боғчадан олгандим, ёнимда қизим ҳам бор эди. Газ келди, дейишганини эшитиб, балиқ қовурмоқчи бўлдим. Қовурганим заҳоти нима рўй берганини англай олмай қолдим. У ёғи нима бўлганини билмайман. Ташқарига чиқиб, усталарга қараб бақирганимни эслай оламан, холос. Тез тиббий ёрдамда мени шу шифохонага олиб келишибди. Қизим соғ-саломат. Синглимнинг боласини сўрасам, ‘Уни онасига топширдим деди’ », — дея қайд этади аёл.
 
Аёлнинг сўзларига кўра, бу уй учун унинг эгасига 147 миллион сўм тўлагани, яна 23 миллион сўм қарзи борлигини билдирган.

«Ремонтига пул сарфлаганман. Ўтган йилнинг октябрида шу уйга кўчиб ўтганмиз. Уй эгаси ‘Кўпи билан бир ойда ҳамма шароитни қилиб бераман’, деганди. Аммо уч ойни газсиз ўтказдик. Қишнинг совуқ кунларида ўзимдан нима ўтганини ўзим биламан. Энди уйимиз нима бўлади? Ана шуни ўйлаб, ўйимга етолмаяпман», — деган аёл.

4 февраль куни Бухоро шаҳрида портлаган уй ноқонуний қурилган ва огоҳлантиришлар инобатга олинмаган, дея маълум қилади Қурилиш вазирлиги. Вазирлик томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганда, «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ (раҳбари К.М.) томонидан ўзбошимчалик билан мазкур кўп қаватли бинонинг қурилиш ишлари бошлангангани аниқланди.
 
Бухоро шаҳар ҳокимининг 2019 йил 7 июлдаги 2894-сонли қарори билан Бухоро шаҳрининг И.Каримов кўчаси 7-уй манзилида жойлашган 12 та хонадон ва 9-уйда жойлашган 12 та хонадон, шу билан бирга ҳудуддаги савдо дўконлари эгалари билан тузилган келишув битимлари инобатга олиниб, 1220 кв.метрда жойлашган ер участкасида «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ га 1- ва 2-қаватлари савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш ва юқори қаватларида кўп хонадонли турар-жой биноси қурилишига рухсат берилган.
 
Бироқ лойиҳа вилоят шаҳарсозлик кенгашида тасдиқланмаган ва ижобий экспертиза хулосаси олинмаган. Шунингдек, Бухоро вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтмасдан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Шаҳарсозлик ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштирмасдан қурилиш ишларини олиб бораётганлиги учун инспекция ходимлари томонидан «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ раҳбарига огоҳлантириш ҳам берилган.
 
Маълум қилинишига кўра, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда прокуратура органларига бир неча бор ноқонуний қурилиш олиб бораётган «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ га нисбатан чора кўриш учун хатлар чиқарилган.
Шу билан бирга, тасдиқланган концепция лойиҳасини бузиб, ўзбошимчалик билан қаватлар сонини оширганлиги сабабли ноқонуний қурилаётган қурилмани бартараф қилиш учун Бухоро туманлараро иқтисодий судига даво аризалари киритилган.
Суд томонидан эса ишнинг ноқонуний қурилмани бартараф қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Бош саҳифадаги фотосурат: Daryo
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.