Боғчанинг очилиш маросимида болаларни енгил кийимда рақс тушишга мажбур қилган боғча ходимлари жавобгарликка тортилади

Хоразм вилоят мактабгача таълим бошқармаси Шовот туман ҳокими қатнашган тадбирда юпун кийинган боғча тарбияланувчилари билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди. Бу ҳақда Daryo нашри хабар беради.


 
21 март куни ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги 35-сонли болалар боғчасининг очилиш маросимидан олинган фотосуратлар тарқалиб, улар фойдаланувчилар орасида танқидий муҳокамага сабабчи бўлди. 
 
Тадбирнинг “табрик сўзлари” қисми тугагач, болалар рақс тушишга таклиф этилган. Рақс тушишгача бўлган вақтда болаларнинг эгнида куртка бўлган. Рақс бошланиш вақтида кийимларини тарбиячисига бериб, сўнгра рақсни ижро этиб бўлгач, яна кийимларини кийишган, – қайд этади бошқарма.
 
 «Хўш, ўзи аслида, ҳаво ҳарорати қандай эди, онлайн шаклда 19-март санасидаги об-ҳаво маълумотлар тарихига юзланиб шу куни ҳаво ҳарорати 18—20 даража атрофида иссиқ бўлганини кўришимиз мумкин. Юртимизда эпидемиологик вазият давом этаётганини инобатга олиб, Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси томонидан, турли тадбирларни карантин талабларига риоя қилмаган ҳолда ташкил этиш мумкин эмаслиги ҳақида вилоятдаги ҳар бир Мактабгача таълим ташкилоти директорлари ва ходимлар огоҳлантирилган, бу юзасидан мунтазам равишда тушунтириш тадбирлари ташкил этилади», – дейилади хабарда.
 
Хоразм вилояти мактабгача таълим бошқармаси Шовот туманидаги 35-сонли боғчанинг очилиш тадбирига болаларни жалб қилиб, карантин талабларига риоя қилмасдан, уларнинг юпқа кийимда тадбирда чиқиш қилишига имконият яратиб берган ходимларга тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўрилишини маълум қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.