Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман: «Мажбурий кўчишни куз-қиш даврига тайинлайдиган органларнинг позициясини тушунмайман»

Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг офисига фуқаро Б.Дадахўжаевадан унинг оиласини икки ва тўрт ёшли икки невараси билан бирга бошқа тураржой тақдим этмасдан уйдан чиқариб юборишаётгани ҳақидаги аризаси келиб тушди. Чиқариб юборишни ижро этиш фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди томонидан қабул қилинган қарори, 2019 йил 13 ноябрдаги Ижро варақаси асосида 27 ноябрь соат 15.00 га тайинланган. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман маълум қилган.

«Мажбурий кўчишни, шу жумладан бошқа тураржой тақдим этмасдан туриб, куз-қиш, ёмон об-ҳаво шароитлари даврига тайинлайдиган органларнинг позициясини тушунмайман, улар оилада болалар борлигини ҳам эътиборга олишмаган. Бундай позиция болаларнинг манфаатларига жавоб бермайди ва БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича конвенциясида, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда кўзда тутилган бола ҳуқуқларини бузади», – дея қайд этади омбудсман Алия Юнусова.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Мажбурий ижро бюроси раҳбарларининг эътиборини бола ҳуқуқларига амал қилинишига эътибор қаратади.

Омбудсманнинг қайд этишича, Ўзбекистон аъзоси бўлган Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга мувофиқ давлатлар ҳар бир кишининг етарлича овқат, кийим-кечак ва уй-жойни ўз ичига олувчи ўзи ва оиласи учун етарли турмуш даражасига ва ҳаёт шароитларининг узлуксиз яхшиланишига бўлган ҳуқуқини тан олади.

Алия Юнусова  БМТ қўмитасининг “халқаро ҳамжамият аллақачон мажбурий кўчиришлар ҳақидаги масаланинг жиддилигини тан олган”лиги ҳақидаги бандига (№7) эътибор қаратади. Шунингдек ушбу бандда, “аҳолининг ўз уйидан ёки ўз ерларидан адолатсиз тарзда кўчирилишидан қонун билан ҳимояланган бўлиши керак”лиги қайд этилади.
 
 «Шунингдек эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддасига мувофиқ, ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатлар мавжуд бўлганида, давлат ижрочиси ўз ташаббуси билан ёки томонлардан бирининг аризаси бўйича ҳамда ҳар бир томон мустақил равишда, ижрони кейинга суриш ёки бўлиб-бўлиб бажариш ҳамда ижро усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги ариза билан ижро ҳужжатини берган судга ёки бошқа органга мурожаат қилишга ҳақли», – дея хулоса қилади Алия Юнусова.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.