Божхоначилар томонидан Тожикистондан келган поездда 170 кг дан ортиқ героин ва наша топилди
Ўзбекистон божхона қўмитасининг ходимлари Тожикистондан келган поездда яширилган 172,5 кг героин ва наша моддасини топишди. Бу ҳақда “Медиазона” ушбу идора матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
Гиёҳванд моддалар Сурхондарё вилоятининг “Сариосиё” божхона постида сканер ва хизмат итлари ёрдамида топишга муваффақ бўлинган.
Иккита вагон тубида металл листлар ёрдамида махсус яширин жойлар қилиниб, унга скотч ва қора пакетларга ўралган 50 га яқин беш литрлик пластик контейнерлар яширилган. Божхоначилар идишларнинг ичидан героин, наша ва наша мойини топган.
Айтиш жоизки, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистондан Қозоғистонга, Россияга ва Европа мамлакатларига “шимолий наркотрафик йўналиши” ўтади. Ушбу йўналишдан ҳар йили 100 тоннагача гиёҳванд модда олиб ўтилади. Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳар йили 1,6 тоннадан 4 тоннагача героин ва наша олиб қўйилгани ҳақида хабар беришади.
Шарҳлар