Бухорода фуқароларнинг қарийб 500 млн сўм маблағини ўзлаштирган шахс қўлга олинди

Бухорода фуқароларнинг қарийб 500 млн сўм маблағини ўзлаштирган шахс қўлга олинди

Бухоро вилоятида ўндан ортиқ фуқароларнинг жами 489 миллион 250 минг сўмга баҳоланган қорамолларини алдов йўли билан олиб, уларни сотиб юборган ва пулларни ўз эҳтиёжи учун сарфлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Daryo нашри Қоракўл туман ИИБ Тергов бўлинмасининг катта терговчиси Лутфулла Жўраевга таянган ҳолда хабар беради.
 
Маълум бўлишича, 2020 йилнинг август ойи давомида Қоракўл туман ички ишлар бўлимига туман ҳудудида яшовчи бир нечта фуқаролардан «Дарғабоғи» маҳалласида яшовчи, 26 ёшли мол олиб-сотар М.С.нинг қорамол олиб, ҳозирга қадар пулларни бермай келаётгани ҳақида аризалар тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартиб идоралари ходимлари томонидан терговга қадар тезкор текширув ҳаракатлари олиб борилган.
 
Тергов давомида М.С. «Полвонлар», «Мирзақалъа», «Камолот», «Қораун», «Дарғабоғи» маҳаллаларида яшовчи 13 нафар фуқаронинг қорамолларини олиб, сотиб беришини ва пулини тез орада беришини айтиб, алдаб кетгани маълум бўлган. Мол олиб-сотар бу ҳаракати билан жабрланувчиларга жами 489 миллион 250 минг сўм миқдорда моддий зарар етказган.
 
Гумондор М.С. тергов органи томонидан ушланган. Унга такроран содир қилган бир неча оғир ва ўта оғир жиноятлари учун Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а»,«б» бандлари (кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонида фирибгарлик) 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан айб эълон қилинган. Айни пайтда унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.