Cоғлиқни сақлаш вазири Хитой фуқароларининг Ўзбекистонга келишини тўхтатиш тарафдори

Cоғлиқни сақлаш вазири Хитой фуқароларининг Ўзбекистонга келишини тўхтатиш тарафдори

Янги турдаги коронавируснинг тарқалиши натижасида кўплаб давлатлар эҳтиёт чораларини кўриб, Хитой фуқароларига нисбатан виза чекловларини жорий этди. Ўзбекистонда Хитой фуқаролари орқаа чипта бўлганида визасиз 7 кунгача бўлиши мумкин, чеклов чоралари жорий этилмаган.

Соғлиқни сақлаш вазири коронавирус сабаб Ўзбекистонда виза чеклови ўрнатилиши керакми, деган саволга жавоб берди:

«Чегарани ёпиш масаласига келсак, бу чорани қўллаш вазирлигимиз ваколатида эмас. Аммо бу борада ўз фикримни айтадиган бўлсам, айни пайтда, яъни 30 январь ҳолатида мамлакатимиз ҳудудида бундай касалликка чалиниш ҳолати бирорта ҳам кузатилмаганлигига қарамасдан эҳтиёт чораларини кўришимиз лозим. Шахсан ўзим юртимиз фуқароларининг Хитойга боришини чеклаш билан бир қаторда, хитойликлар ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг ушбу мамлакатдан юртимизга кириб келишини вақтинчалик чеклаш тарафдориман», — деди Алишер Шодмонов.
 
Вируснинг ҳаво-томчи йўли билан ўтиши, одамдан одамга юқиши, бундан ташқари, касаллик белгиларининг яширин даври 14 кун давом этиши касаллик тарқалиш хавфини кескин оширади.
 
Вазирнинг таъкидлашича, мазкур коронавирусга қарши кураш доирасида нафақат Хитойдан келувчилар, балки барча йўналишлардан давлатимиз ҳудудига кириб келувчи йўловчилар қатъий назоратдан ўтказиляпти. Чегара пунктлари тепловизорлар билан жиҳозланган, вирус ташиши мумкин бўлган маҳсулотлар жиддий текширувдан ўтказилади.
 
«Айнан вирус тарқалгани қайд этилган ҳудудлардан ташриф буюрувчилар ва касалликнинг ҳар қандай белгиси кузатилган фуқаролар алоҳида назоратга олинади. Юқумли касалликлар шифохоналарида ҳудудга кўра алоҳида ўринларни шай ҳолда тайёрлаб қўйганмиз, зарур дори-дармон захиралари яратилган», — де қайд этади вазир.
 
2019-nCoV коронавируси келтириб чиқарадиган пневмония материкда жойлашган Хитойнинг барча 31 та провинциясида тарқалди. Тибет ушбу касаллик қайд этилган охирги ҳудудга айланди.

30 январь тонги ҳолатига кўра, коронавирусдан 170 киши нобуд бўлган. 128 таси соғайган. Хитойнинг ўзида касал бўлганлар сони 7711 кишига етган. Бошқа мамлакатларда вирус 75 кишида аниқланган.
 
Ўз-ўзини даволашда антибиотиклар микробга қарши препарат бўлгани учун вирусга қарши кучсиз эканини эсда сақланг.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.