Дам олиш кунлари такси ва автотранспорт ҳаракати тақиқланади, фуқароларга уйда қолиш тавсия этилади

Дам олиш кунлари такси ва автотранспорт ҳаракати тақиқланади

Аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида қўшимча равишда қуйидаги карантин чекловлари киритилди:

– сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолияти тўхтатилади;

– маҳаллий (ички) авиақатновлар ва темир йўл қатнови тўхтатилади;

– 65 ёшдан ошган шахсларга “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.

Шунингдек, жорий йил 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга – ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш тавсия этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.