Давлат экология қўмитаси Тошкентдаги “Туркистон” саройи олдида белгиланган дарахтлар билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

Давлат экология қўмитаси Тошкентдаги “Туркистон” саройи олдида белгиланган дарахтлар билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги “Туркистон” саройи олдида ўсаётган дарахтларнинг белгилангани ҳақидаги хабар тарқалди.
 
Давлат экология қўмитаси  Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидаги дарахтларнинг ҳолатини аниқлаш мақсадида 2020 йил ноябрь ойида Давлат экология қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, мазкур гуруҳ томонидан айни вақтда А. Навоий кўчаси бўйлаб табиий омиллар ёки ўсимлик зараркунандалари таъсирида зарарланган, ўзининг биологик ёшини ўтаб бўлган, турли коммуникацияларга таҳдид солаётган дарахтлар ўрганилиб, махсус белгилар қўйилганини маълум қилади.

“Белги остига олинган дарахтлар «аниқ кесилади» деган фикрлар ноўрин бўлиб, аксинча мазкур дарахтларни даъволаш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Бунда ҳар бир дарахтга индивидуал ёндошилиб, имкон қадар сақлаб қолиш, янги кўчатларни экиш режалаштирилган”, – дейилади хабарда.

Давлат экология қўмитасининг маълумотига кўра, дарахтларни кесишга мораторийнинг амал қилиш муддатини узайтириш мақсадга мувофиқлиги, шунингдек, Тошкент шаҳри Ободонлаштириш бошқармалари ҳузурида ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда сақлаш хизматларини ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрланган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.