Фарғона вилоятида ўқитувчини дўппослаш ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди
Фарғона вилоятининг Фурқат туманида истиқомат қиладиган ўқитувчи Шуҳрат Жўраев туман ИИБ ходимлари уни дўппослагани ва мактаб компьютерини ўғирлашда айбни бўйнига олишга мажбур этишгани ҳақида гапиради. Бу ҳақда “Медиазона” нашри “Озодлик” радиосига таянган ҳолда ёзади.
Фурқат туман прокуратураси вакиллари ўқитувчининг аризаси бўйича терговдан олдинги текшириш ишлари олиб борилаётгани ҳақида радиога маълум қилган.
Жўраевнинг сўзларига кўра, июнь ойи охирида у ишлайдиган мактабда компьютер йўқолган. У йўқолганидан кейин ИИБ ходимлари ўқитувчини уйидан бўлимга олиб келишади, бу ерда уни дўппослаб, бир оёқда ва қўлларини чўзган ҳолда туришга мажбур этишади.
«У ерда видеокузатув камералари бор эди, ўшаларни текширишсин. Фақат улар ишлаб тургани ёки йўқлигини билмайман. Ходимлардан бири камерани тўсишга ҳаракат қилди, иккинчиси эса мени урди. Улар камера кабинетнинг қайси бурчагини қайд этмаслигини билган, деб ўйлайман. Чунки улар менга зарбани ўша томондан беришарди. Шунинг учун видеокузатув камераларини текширишингизни сўрайман», – дейди ўқитувчи.
Жўраев уйга қайтганидан сўнг кўкрагидаги оғриқлар ва кўнгил айниши сабабли икки марта тез ёрдам чақирган. Ўқитувчининг сўзларига кўра, шифокорлар юз берган воқеа ҳақида маҳаллий прокуратурага хабар берган. Назорат органи ходимлари ўқитувчи билан учрашиб, унинг кўрсатмаларини ёзиб олишган.
Айни пайтда Фурқат тумани прокуратураси жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраевнинг дўппосланиши ҳақидаги ишни тергов қилмоқда, дея хабар беради вилоят ИИБ. Иш Фарғона вилоят прокуратурасининг назорати остида. Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳам ўз ходимларининг ҳаракатлари бўйича ички терговни бошлаган. Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов олиб бориляпти.
Шарҳлар