Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокатига Ўзбекистонга кириш тақиқланди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжага этика қоидаларини бузгани учун Ўзбекистонга кириш тақиқлангани ҳақида хабар беради.
«Ўзини Гулнора Каримованинг адвокати сифатида таништириб келаётган Грегуар Манжа хусусида шуни маълум қиламизки, амалдаги қонунчиликка кўра чет эл адвокатларининг Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатиши назарда тутилмаган.
Айни вақтда, чет эллик адвокат Грегуар Манжанинг Швейцария ҳукумати томонидан берилган мандати Гулнора Каримовага нисбатан Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши билан чегараланган бўлиб, унинг Ўзбекистонга келиши фақатгина Швейцария ҳукуматининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаси асосида амалга оширилган эди.
Ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Грегуар Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга ошириб, олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган.
Шунга кўра, ўзбек тарафи мутаносиб чора тариқасида Грегуар Манжанинг Ўзбекистон Республикасига киришига рухсат беришни рад этишга мажбур бўлди.
Гулнора Каримованинг Швейцариядаги жиноят иши бўйича бошқа жиноий шерикларининг чет эл адвокатлари Ўзбекистон Республикасидаги ўз мижозлари билан чекловсиз муносабатни қўллаб-қувватлаб келмоқдалар», дейилади хабарда.
Шарҳлар