Халқ таълими вазирлиги Kundalik ҳақидаги маълумотни кечикиб тақдим этди

Халқ таълими вазирлиги Kundalik ҳақидаги маълумотни кечикиб тақдим этди

Январь ойи бошда Халқ таълими вазирлиги таҳририят сўровига ўз муддатида жавоб бермаган ҳолда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни бузганлиги ҳақида ёзгандик. 27 январь куни вазирлик матбуот хизмати қуйидаги хабарни чоп этди:

Kundalik компанияси қайси асосларда танланди? Тендер ўтказилганмиди, агар ўтказилган бўлса, унда қачон ва на ким қатнашган?

2018 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги рақамлаштирилган мактаб таълимига йўналтирилган ҳамкорлик учун компаниялар танловини эълон қилди. Манфаатдор компаниялар расмий www.uzedu.uz сайтида эълон қилинган ҳамкорликка таклиф доирасида аризалар танловида қатнашиши мумкин эди.

«Kundalik» МЧЖ компаниясининг ечими экспертлар ва Ўзбекистон халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази томонидан 20 та ариза ичидан танлаб олинди.

Kundalik.com Ўзбекистон Республикаси ХТВнинг 251-сонли буйруғи асосида жорий этилмоқда. Лойиҳанинг мақсади республикадаги таълим жараёнининг барча иштирокчиларини электрон таълим технологияларидан тенг фойдаланишини таъминлаш, мамлакатнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун таълим сифатини ошириш ҳамда умумтаълим ташкилотлари ва ўрта таълимни бошқариш органларининг функцилари ва ўқув-тарбия ва бошқарувчилик фаолияти жараёнларини автоматлаштириш ҳисобидан мамлакатдаги умумтаълим ташкилотларининг ўқувчилари томонидан эришилган ютуқларни ҳисобга олиш тизимини такомиллаштиришдан иборат.

Kundalik компанияси қай тарзда Kundalik таълим тизимидаги шахсий маълумотлар ҳимоясини амалга оширади?

Шахсй маълумотлар ва тўпланган барча ахборот ЎзР Халқ таълими вазирлиги шахсида давлатга тегишли бўлиб, давлат назорати остидаги серверларда сақланади. Тизим фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари сақланадиган «Kundalik» МЧЖ серверлари «Ўзбектелеком» АК дата-марказида сақланади. Шахсий маълумотларни сақлаш ва уларни умумий фойдаланувдаги тармоқлар бўйича узатиш ЎзРнинг 02.07.2019 йилдаги 547-сонли “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқ келади.

Kundalik ходимлари мунтазам равишда таълим ташкилотларининг ходимларини ахборот хавфсизлиги қоидалари ва шу мавзудаги қонун ҳужжатлари ҳақида хабардор қилиб боради.

Kundalik компанияси реклама тўғрисидаги қонун ва рекламани жойлаштириш ҳақидаги низомга қандай амал қилади? 

Айни пайтда Kundalik тизими синовдан ўтказилмоқда, у реклама-ахборот сервисларини қўлламайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябрь ойида “Жим турма” лойиҳаси Kundalik тизимида мактаб ўқувчиларининг шахсий маълумотлари барча фойдаланувчилар учун очиқ эканига эътибор қаратганди. Хабарда мактаб педагоглари тизимга барча ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг маълумотларини киритиши мажбурий экани, рўйхатдан ўтишни рад этишнинг эса иложи йўқлиги қайд этилганди.

ХТВ таянаётган қонуннинг 14-моддасида шундай дейилади:

Шахсга доир маълумотларни номуайян доирадаги шахсларга ошкор этишга, шу жумладан шахсга доир маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилишга, Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштиришга ёки шахсга доир маълумотлардан бирор-бир бошқа усул билан фойдаланиш имконини беришга қаратилган ҳаракатлар шахсга доир маълумотларни тарқатишдир.

Шахсга доир маълумотларни йиғишнинг илгари билдирилган мақсадларидан четга чиқилган ҳолларда, ушбу маълумотларни тарқатиш субъектнинг розилиги билан амалга оширилади

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.