«Ҳаммасининг маоши қайтарилади ва болалар уйларига ўтказилади» – президент қатор амалдорларни ишдан бўшатди

13 апрель куни Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Йиғилиш давомида бир нечта амалдор ўз лавозимидан бўшатилди, деб ёзади Kun.uz нашри.

Йиғилишда айрим ҳудудлар ва секторлар раҳбарлари тегишли даражада ишламаётгани, ёшларнинг муаммоларига эътибор қаратмаётгани қайд этилди.

Натижада, Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича ўринбосари Чори Бегисқулов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Фурқат тумани ҳокими Дилмурод Солиев ва Андижон вилоятининг Улуғнор тумани ҳокими Дониёр Махсудовлар ҳам ишдан олинди.

Шунингдек, Шофиркон (Бухоро вилояти) ва Қамаши (Қашқадарё вилояти) туманларининг прокурорлари, Хива (Хоразм вилояти) ва Чуст (Наманган вилояти) туманлари ИИБ бошлиқлари, Хўжайли (Қорақалпоғистон) ва Ангор (Сурхондарё вилояти) туманлари солиқ инспекцияси раҳбарлари ҳам ўз курсисидан маҳрум бўлди.

«Ҳаммасининг маоши қайтарилади ва болалар уйларига ўтказилади. Уларнинг ҳеч бири бошқа давлат тизимида ишламайди. Ёшлар муаммоларини ҳал қилиш фақат президентга керак деб ўйлаяпсизларми?», – дейди давлат раҳбари.

Аввалроқ ишидаги камчиликлари учун қуйидагилар ўз лавозимидан маҳрум қилинганди:

– Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ўткир Бўтаев)
– Солиқ бошқармаси бошлиғи (Бозоров)
– Марказий банк бошқармаси бошлиғи (Ражабов)
– Марказий банк бошқармаси раҳбари (Саидов)
– Солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари (Муҳаммадиев).

Бундан ташқари, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари огоҳлантириш олди.

Бош саҳифадаги фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.