Ҳар бир ишсиз ёшга тадбиркор бириктирилади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюрди, унда “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар ёрдамида 2021 йилда камида 500 минг нафар ёш иш билан таъминланиши мумкин. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.
 
Бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлар ва масъул раҳбарлар ёшлар билан учрашувларни мунтазам равишда йўлга қўяди. Ҳокимлар ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, ижросини таъминлайди. Шу масала бўйича ҳар 6 ойда маҳаллий кенгашларга ҳисобот беради ва келгуси ярим йиллик учун режаларни белгилаб олади.
 
Бундан ташқари, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилади. Давлат раҳбари эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида, ҳудудларда Ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилишини эълон қилди. Бу саноат зоналарида ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилади.
 
«Ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади», – қайд этади президент.
 
Давлат раҳбари ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қиладиган “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиш вазифаси топширилишини таъкидлади.
 
Ёшларни микрокредитлаш мақсадида 2021 йилда 45 миллион доллар ажратилиши, шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳар бир вилоятга 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилиши қайд этилди.
 
Келаси йили “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурига мувофиқ саккизта “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-маркази ва 70 та “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуаси ташкил қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.