Ҳар бир маҳаллада “аёллар дафтари”ни юритиш учун жамоатчи ёрдамчилар жалб этилади

“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни самарали юритиш, ишсиз фуқароларга бандлик соҳасида тизимли ёрдам кўрсатиш ҳамда “маҳаллабай’’ тизим асосида ишларни ташкил қилиш мақсадида ҳар бир маҳаллада меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи”лар жалб этилади. Бу ҳақда президент қарорида сўз боради.

“Жамоатчи ёрдамчи”лар билан 11 ой муддатгача жамоат шартномалари тузилади ҳамда уларнинг иш ҳақини меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир ярим баравари миқдорида белгиланади. “Жамоатчи ёрдамчи”ларнинг иш ҳақи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
 
Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлигига  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил якунига қадар Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш чораларини кўриш топширилди.
 
Бунда бир ой муддатда барча ҳудудларда зўравонликка учраган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш бўйича биттадан намунавий марказлар ташкил қилинади. Ушбу намунавий марказлар фаолиятини йўлга қўйиш учун Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан жами 10 миллиард сўм ҳамда маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларидан маблағлар йўналтирилади. 

Бош саҳифада фотосурат: mytashkent.uz
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.