Ҳар йили мамлакатда 1700-1800 нафар аёлда бачадон бўйни саратони аниқланади

Ўзбекистонда ҳар йили 1800 га яқин аёллар бачадон бўйни саратонига чалинади. Уларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Ботир Қурбонов 9 февраль куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.

Унинг сўзларига кўра, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва энг кенг тарқалган саратон хасталигидир.
 
Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони туфайли ўлимдан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15−44 ёш) орасида бачадон сартонидан ўлим кўрсаткичи иккинчи ўринда туради.

«Ўлимларнинг аксарияти — ташхисни кеч қўйиш натижасида рўй беради. Бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқарувчи сабабларнинг асосийси (98−99 фоизи) одам папиллома вируси (ОПВ) хисобланади», — дейди Ботир Қурбонов.

Аввалроқ биз Наргиза Доброносованинг ҳикоясини чоп этгандик, унда бачадон бўйни саратони аниқланган ва аёл бир йил давомида ёрдам ололмаган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.