Хайрия маблағлари устидан мониторинг ўрнатилади

Ўзбекистон президенти 2021 йил 1 майдан бошлаб  ҳомийлик маблағларини марказлаштирилган ҳолда тўплаш ва тарқатиш, уларнинг мақсадли ҳамда манзилли йўналтирилишини мониторинг қилиш, ушбу жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш ва ошкоралигини таъминлаш, шунингдек, хайрия этувчи ўз маблағининг ишлатилишини кузатиб бориш имконини берувчи “Шаффоф хайрия” ягона интерактив порталини ишга туширишни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг фармонида сўз боради.
 
Жамоатчилик палатасига Адлия вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда Жаҳон хайрия индекси (The World Giving Index) бўйича Ўзбекистоннинг дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш топширилди.
 
Ҳужжат билан 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси  тасдиқланди, унинг мақсадли кўрсаткичлари қуйидагиларни кўзда тутади:

– нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларнинг умумий сонини 2021 йилда 1 000 тага, 2025 йилда 5 000 тага етказилишини таъминлаш;

– мамлакатимизда эълон қилинадиган йилга оид давлат дастурида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини 2021 йилда 30 тага, 2025 йилдаги давлат дастурида – 50 тага етказиш;

– амалдаги жараёнларни соддалаштириш ва профилактик чора-тадбирларни кучайтириш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликларни (жами 2020 йилда содир қилинган ҳуқуқбузарликлар сонига нисбатан) 2021 йилда 3,8 фоизга, 2025 йилда 19,2 фоизга камайтириш;

– 2021 йилда 50 та, 2025 йилда 250 та нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.