ХВЖ Ўзбекистонга 375 млн доллар ажратиш лойиҳасини маъқуллади

ХВЖ Ўзбекистонга 375 млн доллар ажратиш лойиҳасини маъқуллади

18 май куни Халқаро валюта жамғармасининг Директорлар кенгаши коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида республикага 375 млн АҚШ доллари миқдорида қарз маблағи ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда Молия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Имтиёзли кредитлар 10 йил муддатга (шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр) 125 млн доллар суммага фоизсиз тез кредитлаш линиясини ва 5 йил муддатга (шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр) 250 млн доллар суммага тез молиялаштириш воситасини (1,05% йиллик фоиз ставкаси билан) ўз ичига олади.

Ушбу маблағлар глобал инқироз ва коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши жамғармани тўлдиришга йўналтирилади.

Қаз маблағларини тақдим этишда ХВЖ мамлакатдаги макроиқтисодий вазиятни ва давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича таваккалларни таҳлил қилади. ХВЖ томонидан чоп этилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳиятини юқори даражада сақлаб қолмоқда.

ХВЖнинг фикрича, ўрта муддатли истиқболда фискал ва монетар сиёсат Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи барқарорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Маблағлардан фойдаланганда тегишли шаффофлик, шу жумладан Ҳисоб палатаси томонидан мустақил аудит ўтказиш орқали ҳам таъминланади. Аудит натижалари фискал йил тугаганидан кейин 6 ой давомида эълон қилинади, дея қайд этилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.