«Икки вазирлик халқ пулларини шунчаки бўлашиб ололмаган» – Расул Кушербаев Янгийўлдаги тозалаш иншоотининг таъмирланиши ҳақида

Депутат Расул Кушербаевнинг хабар беришича, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги сув тозалаш иншооти бир неча йилдан бери ишламай турибди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.

Унинг сўзларига кўра, Янгийўл шаҳрининг канализация тармоқларидан чиқаётган чиқинди суви тозаланмасдан Қорасув дарёсига қуйилади.

«Ишламай турган ушбу иншоат шу атрофда яшайдиган кўплаб одамларнинг дарди ва фожеаси. Кўп аччиқ хотиралар сабабчиси: ифлос ҳаво, ифлос сув, ғуж ғуж чивин-у пашшалар макони… Хатто ўспирин ёшдаги ўз жияним иншоатнинг қаровсиз очиқ чуқурчасига бехос тушиб кетиб ифлос сувдан вафот этган…», — дейди парламент аъзоси.

Расул Кушербаевнинг айтишича, 2019 йилда бош вазир Абдулла Ариповга илтимос қилинганидан сўнг, таъмирлаш ишлари бошланган. Бироқ, маълум бир муддат ўтгач, «Ҳисоб палатасининг тушунарсиз талаби билан» ишлар тўхтатилган.

«Янги тадбиркорлар ва лойиҳачилар келиб, янги лойиҳа устида ишлаймиз, технология бўйича қиламиз деб айтишди. Аммо қурилиш вазири (Ботир Зокиров) ва [собиқ] уй-жой коммунал хизмат вазири (Музаффар Салиев, ҳозирги Нурафшон ҳокими — таҳр.) буни хоҳламашди. Мен ўзим буни гувоҳи бўлганман», — дейди у.

Депутатнинг сўзларига кўра, 2020 йилда сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Улар ҳукумат беришга тайёр бўлган пулни қабул қилишни хоҳлашмади, улар „ўйин“ уюштиришди. Ҳурматли вазир Ботир Зокиров янги, арзон лойиҳани қурилишини хоҳламади. Эски лойиҳа бўйича қиламиз деди. Янги лойиҳачини, тадбиркорни кет „керакмассан“ деб кетказиб юборди. У [лойиҳани] ўз дўстларига беришни хоҳлади, биз бунга гувоҳ бўлдик», — деб ёзади у.

Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, «вазирларнинг илтимосига биноан иш қолдирилган ва учинчи йил давомида иншоотда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган».

«Одамлар ишончни йўқотишмоқда: уларга берилган ваъдалар бажариладими? Расмийларга ишониб, одамларни бунга ишонтирган биз эса одамларнинг кўзига қарашга уяламиз… Сизлар бош вазирниям алдадингиз. Балки, давлат раҳбаригаям ишлар яхши кетаяпти деб „доклад“ берилгандир. Лекин ҳеч нарса қилингани йўқ», — дейди у.

Депутат, шунингдек, бу ердаги ёқимсиз хид сабабли бу ердаги аҳолининг «энг асосий муаммоси меҳмон чақиришдан уялиш» дея таъкидлади.
«Қўпол қилиб айтганда, давлат томонидан ажратилган пулни иккала вазирлик бўлиша олмадингиз, вазирлар маблағларни битта тадбиркорга беришни хоҳламади», — дея қайд этади Расул Кушербаев.

Фотосурат: Расул Кушербаев / Telegram
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.