Интернет-савдогарлар ўз фаолиятини бошлагани ҳақида солиқ органларига хабар бериши мажбурий қилиниши мумкин

Давлат солиқ қўмитаси «Электрон тижорат маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида"ги президент қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди, деб ёзади “Газета” нашри.

Унга кўра, Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб жорий этилиши таклиф этилаётган янги тартибга кўра, интернетда савдо қиладиганлар (шу жумладан, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар — Telegram, Instagram, Facebook ва бошқалар орқали товар ва хизматларни сотадиганлар) солиқ органларига ўз фаолиятининг бошланиши тўғрисида хабар беришлари шарт (хорижий юридик шахслар бундан мустасно) бўлади. Бундан кейин эса савдо майдончасида жойлаштирилиши керак бўлган махсус рақамли кодни олишлари керак бўлади.
 
Ҳужжатга асосан, сотувчи ва юк ташувчилар томонидан товар-кузатув ҳужжатларини (ҳисобварақ-фактуралар (инвойс), юк хати ва бошқа ҳужжатларни) «Юк ташиш мониторинги» ахборот платформасида рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилади.

Тадбиркорлар товарларнинг (хизматларнинг) электрон савдоси бўйича фаолиятини бошлаш тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда хабар беради. Шу билан бирга, янги тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш автоматлаштирилган тизими орқали Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилади.

Электрон тижорат субъектларининг Миллий реестрини юритиш Давлат солиқ қўмитасига топширилиши кўзда тутилган. Ҳозир уни «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази бошқаради.

Давлат солиқ қўмитасига 1 сентябрга қадар электрон тижорат субъектларининг Миллий реестрини модернизация қилишни амалга ошириш ва унинг негизида товарларнинг (хизматларнинг) электрон савдоси иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олишни таъминловчи «E-trade» электрон тижоратни бошқариш бўйича ягона ахборот платформаси яратилиши вазифаси юкланди. Худди шу санага қадар, «E-trade» платформасида харидлар, ҳисоб-китоблар ва электрон чеклар тарихини сақлаш имкониятини берувчи шахсий кабинетини яратиш белгиланмоқда. Шу билан бирга, Ягона платформа маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш бўйича чораларни кўриши керак бўлади.
 
Электрон тижорат иштирокчилари, тўлов тизимлари томонидан Ягона платформадан фойдаланиш, шу жумладан, товарлар (хизматлар) реализацияси бўйича рекламани жойлаштириш бепул тарзда амалга оширилади.
 
Ушбу тартиб солиқ йиғимини 196 млрд сўмга ошириши кутилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.