Ипотека муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилди

Ипотека муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилди

Ўзбекистонда  бирламчи бозорда кўчмас мулк харид қилиш учун аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлариниг муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорида сўз боради.

Ушбу тартиб 2020 йилнинг 1 майидан 2022 йиднинг 1 январига қадар амал қилади.

Республика Молия вазирлигига бир ҳафта муддат ичида янги тартиб доирасида тижорат банкларида жойлаштириладиган кредит ресурсларининг муддатини 15 йилдан 20 йилгача узайтириш топширилди.

Тижорат банкларига бир ой муддатда янги тартиб доирасида жисмоний шахсларга берилган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилгача узайтириш ҳамда тузилган шартномаларга тегишли ўзгартиришлар киритиш кўрсатмаси берилди.

Шунингдек, ҳужжат билан бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг максимал миқдори оширилди.

Хусусан, қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;

шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;;

Тошкент шаҳрида 2 хонали квартиралар учун 198 миллион сўмдан 264 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 миллион сўмдан 352 миллион сўмгача оширилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.