Кечки Анҳор: 10 декабрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 10 декабрь янгиликлари

Ўзбекистонда 2020 йил 1 июлдан бошлаб чет эл фуқароларини рўйхатдан ўтказиш тартибини бекор қилишни режалаштиришмоқда. Мамлакатда рўйхатдан ўтмаган ҳолда туриш муддати 30 кунни ташкил қилиши кўзда тутилган. Бу борадаги Президент фармони лойиҳаси муҳокама учун 24 декабрга қадар тақдим этилди.  
 
Амалдорлар тайм-менежмент технологияларига ўқитилади. Бунинг учун Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси икки ой ичида вақтни тўғри ташкил этиш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш технологиялари, бюрократия, қоғозбозлик ва йиғилишлар ўтказиш амалиётини бекор қилиш бўйича ўқув дастурини ишлаб чиқади. Академия ва унинг филиалларидаги ўқув курслари пуллик асосда олиб борилади.

Шавкат Мирзиёев 2020 йилга давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. Унда, хусусан, “хавфсизлик ёстиқчалари”ни, яъни Вазирлар Маҳкамаси (731 млрд сўм) ва ҳудудий ҳокимликларнинг (тегишли бюджетлар умумий харажатларининг 1,5%) захира фондларини шакллантириш кўзда тутилган бўлиб, бу маблағлар бюджетларни шакллантиришда шошилинч ва кутилмаган харажатларни ҳамда ижтимоий-иқтисодий беқарорлик ҳолатида зарур тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Тошкент шаҳридаги “Тез ёрдам” хизмати ўз фаолиятида бодикамералардан фойдаланадиган бўлди. Ҳозирги пайтда бундай камералар билан шаҳардаги фақат иккита реанимобил таъминланган, холос.
 
2021 йилдан бошлаб давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳужжатлар айланмаси тўлиқ электрон шаклда бўлади. Давлат солиқ қўмитасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар давлат органлари ва ташкилотларининг барча ходимлари ва раҳбарларини белгиланган тартибда электрон рақамли имзолар билан таъминлаш топширилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.