Кечки Анҳор: 16 декабрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 16 декабрь янгиликлари

«Озодлик» тахминан Фарғона вилоят ҳокимининг овози акс этган ёзувни эълон қилди, унда ҳоким блогер учун “жаноза намози” ҳақида сўраяпти. Ёзувда тахминан Шуҳрат Ғаниев туманда электр ва газ йўқлиги учун йўл ёпилиши билан боғлиқ вазиятни ёритган кишининг устидан жаноза намози ўқилдими, деб сўрамоқда. Фарғона вилоят ҳокимлиги ушбу аудиоёзувни монтаж деб атади. ЎзЛиДеП партиясининг депутати Расул Кушербаевнинг қайд этишича, прокуратура бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериши ва агар зарур бўлса, тегишли чораларни кўриши керак. Депутат Ғаниевнинг ҳаракатларини қоралмоқда.

Ёғоч қиринди плитаси (ЁҚП)га акциз солиғини жорий этиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик ва тадбиркорлар томонидан салбий кутиб олингани учун чақиртириб олинди. Мазкур ҳужжатда 2020 йил 1 январдан бошлаб импорт қилинадиган ЁҚП ва унинг муқобил турларига бир кубометр учун 25 доллардан акциз солиғини жорий этиш, 2021 йил 1 январдан эса уни 30 долларгача кўтариш таклиф этилганди. 

Андижон вилоятининг Жаҳонобод маҳалласидаги газ қуйиш шохобчасида Nexia-2 автомобилининг газ баллони портлаб кетди. Воқеа “Шодлик ишонч сервис” ёнилғи қуйиш шохобчасида соат тахминан 12:00 содир бўлган. Портлаш натижасида портлаган автомобиль ҳайдовчиси Х.К. жабрланган.

Сенаторлар Жиноий кодексга меҳнатга такрор мажбурлашни криминаллаштиришни кўзда тутувчи тузатишларни маъқуллади. Хусусан, 148-1 моддага мувофиқ вояга етмаган шахснинг меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқига зарар етказиши мумкин бўлган ишларда, худди шу қилмиш учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин ҳам фойдаланиш 25 базавий ҳисоб қийматигача бўлган миқдорда жарима билан ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача ахлоқ-тузатиш ишлари билан жазоланади.

Бухоро вилоят ҳокимлиги ўқиш жараёни учун мактаб хожатхонасидан фойдаланилганига изоҳ берди. “Айни дамда ўқиш учун ушбу хоналардан фойдаланиш тўхтатилди. Вилоят халқ таълими бошқармасининг топшириғи билан бошқа қўшимча дарслар иккинчи смена пайтида нормал кабинетларда ўтказилади”, — дейилади ҳокимлик сайтидаги хабарда. Сал олдинроқ, Когондаги 9-мактабда дарслар хожатхонада ўтаётгани ҳақида хабар тарқалганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.