Кечки Анҳор: 20 декабрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 20 декабрь янгиликлари

Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида маркази Афғонистонда бўлган ер силкиниши сезилди. Зилзила Ҳиндикуш тоғларида Тошкент вақти билан соат 16:39 да содир бўлди. Ерости силкинишларининг кучи Ўзбекистон ҳудудида 2-4 баллни ташкил этди.
 
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг фикрича, “юқоридан” яратилган, сунъий мухолифот ҳеч нима бермайди. «Шундай таклифлар тушяпти ҳам, аммо бу ғайритабиий нарса. Партиялар ўртасида қандай дебатлар, ўткир баҳс-мунозаралар бўлаётганини кўриб турибсиз… Эҳтимол, шундай қилиб, қадам-бақадам мухолифот шаклланар», – дея қайд этади у.
 
Ўзбекистон The Economist журналида йил мамлакати деб эълон қилингани ҳақида ТИВ раҳбарининг ўринбосари Илҳом Неъматов шундай дейди: “Бу муваффақиятларнинг катта эътирофи”. “Биз The Economist журналини жуда ҳурмат қиламиз, бу жуда нуфузли журнал. Табиийки, шундай баҳо берилган экан, у холис янграган”, — деб ҳисоблайди у.
 
Энди ОАВ Давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтказилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 19 декабрда қабул қилинган “Ахборот ва алоқа соҳасида давлат хизматларини тақдим этиш бўйича айрим маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.