Кечки Анҳор: 23 декабрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 23 декабрь янгиликлари

Кўриш имконияти жуда ёмонлиги сабабли Алмати-Тошкент-Термиз трассасида 80 киши эвакуация қилинди. Эвакуация қилинган 36 нафар автобус йўловчисининг орасида қатор енгил машиналар йўловчилари ҳам бор. Улар Туркистон вилоятининг Шакпак баба қўрғонига етказилди. Автомобилларнинг тўпланиб қолиши 593-632 километрда юз берган.
 
ОАВ: князь Романовнинг собиқ қароргоҳи реконструкция қилинади ва Маданият вазирлигига берилади. “2020 йилнинг иккинчи чорагида халқаро экспертлар ва ЮНЕСКО мутахассислари иштирокида  қароргоҳда тегишли ўрганиш ишлари олиб борилади ҳамда маъмурий-хўжалик бошқаруви бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади”, – дея қайд этилади Kun.uz хабарида.
 
Криптовалюта билан тўлаш мумкин эмас: тақиқ қонунчилик билан белгиланди. «Крипто-активлар Ўзбекистон Республикасида тўлов воситаси сифатида фойдаланилиши мумкин эмас», — дейилади Лойиҳавий бошқарув миллий агентлиги директорининг буйруғида.
 
ОАВ: Ўзбекистондан Қозоғистонга кунига 10 минг комплект костюм ноқонуний равишда олиб кирилади. Кейин маҳсулотнинг бир қисми Россияга жўнатилади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, костюмларни ноқонуний олиб кириш бўйича йиллик айланма $100 млн дан ошиши мумкин. “Маҳсулот чегарадан қуйидаги схема бўйича ўтади: машиналардаги юклар Ўзбекистон томонда туширилади, ташувчилар жамоаси араваларда товарни қўл юки кўринишида чегара орқали ўтказади, у ерда маҳсулот бошқа машиналарга юкланади”, – дея қайд этди Қозоғистон ОАВ.
 
Стокгольмда теракт уюштирган ўзбекистонлик террористнинг шериги Сурия қамоқхонасидан топилди. Қори Усмон  Суриядаги қамоқхоналардан бирида экани маълум бўлди. Тергов маълумотларига кўра, у 2017 йилда ўзбекистонлик Раҳмат Оқиловга Стокгольмда теракт уюштиришга ёрдам берган. Полиция тергови жараёнида Қори Усмон Раҳмат Оқиловга бомба тайёрлаш бўйича батафсил йўриқнома берганлиги аниқланган, кейинчалик ушбу йўриқнома террорчининг телефонидан топилган. Қори Усмоннинг фуқаролиги ошкор этилмаяпти.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.