Кечки Анҳор: 5 декабрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 5 декабрь янгиликлари

«Ўзбекистон темир йўллари» метронинг Юнусобод йўналишини 2020 йилда ишга туширишни ваъда қилди. “Бугунги кунга келиб умумий ишлар ҳажмининг жами 90% дан ортиғи бажарилди. Қурилиш ишлари белгиланган жадвал бўйича олиб борилмоқда, жорий йил якунигача поездни “Туркистон” бекатигача тест режимида ишга тушириш кутилмоқда”, –  дейилади компания хабарида.
 
Hilton Tashkent City меҳмонхонаси 2020 йил 1 февралдан ишга тушади. Унда бир хонанинг нархи 194-2460 АҚШ доллари атрофида бўлади.
 
Тошкентда газ етишмовчилигини газ қувури демонтаж қилинаётгани билан боғлашмоқда. “Ҳақиқатдан ҳам, “Роҳат” томондан “Қўйлиқ” бозорига томонга қараб кетган Тошкент ҳалқа автойўли бўйлаб ер усти метро қурилиши пайтида, зарурат бўлгани учун, узунлиги 1,5 км бўлган газ қувури демонтаж қилинганди. Шу муносабат билан шаҳарнинг айрим туманларида совуқ кунларда табиий газ етишмовчилиги кузатилди”, – дейди “Ўзтрансгаз” компанияси.
 
Ўзбекистон ҳукумати аэропортларни реконструкция қилиш масаласида “Новапорт” компаниясига рад жавобини бериши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати уларни инвестор сўраётганидай 30 йилга концессияга беришга тайёр эмас. Мамлакат ҳукумати Япониянинг Sumitomo Corporation компанияси билан учрашган ҳолда, бошқа инвесторни изламоқда.

2020 йилдан бошлаб 10 та олий ўқув юрти ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтади.  Вазирлар Маҳкамасининг қарорида қайд этилишича, ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтказиладиган олий ўқув юртларида тўлов-шартнома асосида таълим олаётган талабаларнинг шартномаларни тўлаш муддати томонларнинг келишувига биноан шартномалар асосида белгиланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.