Кечки Анҳор: 6 декабрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 6 декабрь янгиликлари

Гулнора Каримовага қарши яна бир иш очилди. Унга товламачилик, талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш ва жиноий уюшмани ташкил этиш бўйича янги айлов қўйилди. Тергов қилинаётган жиноий иш доирасида етказилган зарар 165 млн АҚШ доллари ва 85 млрд сўмга баҳоланди.
 
Санкт-Петербургда Ўзекистон фуқаросини калтаклаган беш киши қўлга олинди. Маълумотларга кўра, тўртта номаълум шахс Ф.Х.ни куч ишлатган ҳолда автомобилга ўтқазиб, ўрмонга олиб борган ва у ерда тўппонча билан таҳдид қилган ҳолда калтаклашиб, 36 минг рублни ўтказишга мажбур қилишган. Қўлга олинганларнинг учтаси Ўзбекистон фуқароси.
 
2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда арбитрларга видеоёрдам тизими жорий этилади. Тизим Суперлига жамоалари ўртасидаги учрашувларнинг адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлаш учун жорий этилмоқда. Бу ҳақда Президентнинг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида сўз боради.
 
АҚШда Evil Corp. хакерларига қарши санкциялар жорий этилди. АҚШ Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, ушбу гуруҳ Dridex зарарловчи дастурини ишлаб чиқиш ва тарқатиш учун жавобгар. Хакерлар гуруҳда раҳбар функцияларни бажарган, айримлари эса ўғирланган маблағларни олиб чиқишга ёрдам берган. Хакерлар орасида Ўзбекистон фуқароси Азамат Сафаров ҳам бор.
 
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси умра зиёратчилари учун тўсиқларни бартараф этиш заруратини билдирди. Қўмита маълумотларига кўра, умра зиёратини амалга оширишни истовчилар сони кўплиги ва амалдаги тартибда ушбу талабни тўлиқ қондириш имконияти йўқлиги боис “минглаб фуқароларимиз, мавжуд тартибни четлаб ўтиб, зиёратни туристик ташкилотлар ва бошқа воситачилар орқали амалга оширмоқда”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.