Кечки Анҳор: 8 январь янгиликлари

Кечки Анҳор: 8 январь янгиликлари

Шавкат Мирзиёев ҳалокатга учраган самолёт муносабати билан Украина ва Эрон раҳбарларига ҳамдардлик билдирди. Қайд этиб ўтамиз, Boeing 737 йўловчи самолёти Теҳрон яқинида ҳалокатга учраган. Самолётда 167 нафар йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳеч ким тирик қолмаган.
 
Андижон ҳокимлигининг матбуот котиби жаримага тортилди. Андижон шаҳар маъмурий суди Гулшаной Қўчқоровани Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “туҳмат” ва “ҳақорат” моддаларида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб тан олди. У ўқувчиларни Human.uz сайтининг таъсисчиси Хуршид Далиевнинг каналига кирмасликка чақирган. Гулшаной Далиевни “сотқин ва иғвогар” ҳамда тақиқланган “Хизб-ут-Таҳрир” диний ҳаракатининг аъзоси деб атаган. Қўчқорова 5,57 млн сўм миқдорида жарима тўлаши керак.
 
Сенаторлар 16-17 январь кунлари сайланади. Улар Қорақалпоғистон Жокарги Кенеси, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимият органларининг қўшма мажлисларида сайланади.
 
Ўзбекистонда чет элда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш тартиби белгиланди. Қайтариш ишлари билан ИИВ, уч ёшгача бўлган болаларни қайтариш билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуғулланади.

Ўзбекистон Японияга 1 млрд долларлик уран моддасини етказиб беради. Бу 2023-2030 йилларда амалга оширилади. Уран моддасини етказиб бериш бўйича 510,1 млн долларлик узоқ муддатли шартномалар Навоий кон-металлургия комбинати ва Marubeni компанияси ўртасида, 636,4 млн долларлик  шартнома эса Itochu компанияси билан имзоланди. Етказиб бериш ҳажмлари кўрсатилмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.