Келгуси йил 1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади

Келгуси йил 1 мартдан бошлаб, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади. Ҳукуматга икки ой муддатда ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтириб, уларни минимал меъёрлар даражасида босқичма-босқич таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг парламентга мурожаатида сўз боради.
 
“Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади.
 
«Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак. Шу мақсадда келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади. Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади», – дея қайд этади президент.
 
Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1  гектаргача ер майдонлари ажратилади. Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.
 
«Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳолини камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак. Шунинг учун келгуси йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.
Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозим, дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.
 
Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими бир ой муддатда ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий Кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориши зарур, дейилади хабарда.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.