Kolorpak компанияси мактабларга дафтар етказиб бериш бўйича тендерда ғолиб чиқди

Шу йилнинг 25 июнида Kolorpak компанияси “Ўқув таълим-таъминот” давлат унитар корхонаси (мактабларни таъминлаш билан шуғулланади) билан 8,1 млн донадан ортиқ дафтарни етказиб бериш бўйича келишув тузганди. Бу ҳақда давлат харидлари порталидаги маълумотлар далолат бермоқда.
 
Хусусан, компания 10 августгача 4 млн дан ортиқ чизиқ-чизиқ  дафтар ва яна шунча катак дафтар (12 варақли) етказиб бериши керак эди. Хариднинг умумий қиймати 4,4 млрд сўмни ташкил қилган. Тендер ҳужжатларида ушбу товарларнинг дастлабки қиймати 6,4 млрд сўмга баҳоланган.
 
Шартномага иловада “товарларни харид қилишдан мақсад биринчи синф ўқувчиларини ҳамда имконияти чекланган болаларни ўқув жиҳозлари билан таъминлашдан иборат”лиги қайд этилади.


 
Kolorpak таъсисчилари – Шухрат Якубжанович Ахмедов (34,4%), Исмаил Иркинович Исраилов (34,4%) ва  Zo’r TV телеканали (31,2%). Мазкур телеканал таъсисчилари ҳам Ахмедов ва Исраилов (ҳар бирининг улуши 50% дан).
 
Шухрат Ахмедов «Водий садоси» радиостанциясининг раиси ҳисобланади, шунингдек “Тасвир” нашриёт уйида (“Тасвир” журнали, “Оптовик” ҳафталиги) 65 фоизлик улушга эга, 33% – журналлар ва даврий нашрларни чоп этиш билан шуғулланадиган East Star Media компаниясида.

Исмаил Исраилов Whitecity Construction, High Land City, Technologi De Lavenir, Pro FM, Discover-Invest, Durable Beton, Techno Logistic Construction, Crystal Paint, Master Pac компаниялари ва бошқаларда улушларга эга. Аввал у Akfa Engineering and Management компаниясида директор ва директор ўринбосари лавозимида ишлаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.