Коронавирус бўйича охирги янгиликларни тўпладик. Мавзу бўйича расмий маълумотларни бу ерда кузатиб бориш мумкин.

Ўзбекистонликлар учун Россияда бўлиш муддатлари узайтирилади

2020 йил 19 мартдан бошлаб, чет эл фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик бўлиш муддатини узайтиришлари мумкин. “Бунинг учун улар ўзлари қаерда бўлса, ўша ердаги ИИВ органига ихтиёрий шаклда тузилган ариза билан мурожаат қилишлари мумкин”, - дея қайд этилади Ўзбекистон ТИВнинг хабарида.

2300 дан ортиқ киши карантинда

Шу пайтга қадар 9000 киши карантинда эди, уларнинг қарийб 7000 таси уйларига қўйиб юборилди, дейди бош давлат санитар инспектори Нурмат Отабеков. “Айни пайтда карантинда 2 300 киши сақланмоқда”.

Отабековнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда дорилар, диагностика воситалари, бир вақтнинг ўзида 1000 та беморни зарур парвариш билан таъминлай оладиган шифокорлардан иборат захира мавжуд. Бу орада коронавирусга чалинганлар сони 33 кишига етди.

«Талабаларни Тошкентдан қувишмаяпти»

«Талабаларни қувишяпти деб айтиш нотўғри. Мамлакатда талабалар хотиржам ўз уйларига етиб олишлари учун барча зарур шароитлар яратилмоқда», - дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ўз баёнотида. Унинг сўзларига кўра, талабалар учун таътил расман эълон қилинган.

Йўловчи ташувлари 40 кунга тўхтатилади

20 мартдан бошлаб халқаро йўналишлар бўйича автобуслар, автомобиллар, темир йўллар ва ҳаво транспортида йўловчи ташувлари 40 кунга тўхтатилади.

Ушбу чеклов автомобиль, ҳаво, темир йўл ёки дарё транспортидаги юк ташувларига ҳамда ташқи савдо товарларига тааллуқли эмас.

Инқирозга қарши чоралар

Ўзбекистонда Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унда 10 триллион сўм шакллантирилади. Фонд маблағлари коронавирус тарқалашининг олдини олиш, шифохоналарни дори, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминлаш, карантин харажатларини ўз вақтида молиялаштиришга йўналтирилади.

«Юртимизда коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилган. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди», - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг хабарида.

Шавкат Мирзиеёв транспорт-логистика, умумий овқатланиш  соҳаси корхоналарининг кредит муддатларини узайтириш, туристик йиғимлар ундиришни вақтинча тўхтатиш бўйича кўрсатма берди.



Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилди.

Карантин даврида ижтимоий ҳимоя

Ўзбекистон Президенти карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини камида 10 фоизга ёки 60 мингтага ошириш бўйича вазифаларни қўйди.

Карантиндаги фарзандларига қараётган ота-оналарни ишдан бўшатишга мутлақо йўл қўйилмайди. Уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси юз фоиз тўлаб берилади.

Иқтисодий фаоллик пасайган пайтда аҳоли бандлиги масаласи алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис Инқирозга қарши жамғармадан Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар одамларни иш билан таъминлаш, бунинг учун маҳаллаларда қўшимча инфратузилма объектлари қуришга йўналтирилади. Шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 500 миллиард сўм қўшимча маблағ берилиб, иш ўринлари яратадиган бизнес субъектларга кўмаклашилади. 
 
Мавзу бўйича ўқинг:
Исириқ, уй антисептиклари ва қўлбола ниқоблар: коронавирусга қарши курашиш бўйича интернет-маслаҳатларни хавфсизлиги ва самарадорлиги бўйича текширамиз