Коронавирус бўйича охирги янгиликларни тўпладик. Мавзу бўйича расмий маълумотларни бу ерда кузатиб бориш мумкин. 

БАА ҳукумати Ўзбекистонга гуманитар ёрдам юборди

БАА ҳукумати тиббий ниқоблар, қўлқоплар, ҳимоя кийимларидан иборат 8 тонна гуманитар юк юборди.

Бу орада Фаттоҳ Шодиевнинг халқаро жамғармаси ҳам Ўзбекистонда 1500 та кам таъминланган оилани аниқлади ва улар учун 13 турдаги маҳсулотлар ва тиббий воситалардан иборат гуманитар ёрдам юборди.

Мобил операторлар қарзга хизмат кўрсатмайди

Вазирлар Маҳкамасининг 24 мартдаги қарорига мувофиқ икки ой давомида телефон алоқаси хизматлари ва Интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини ўчиришга тақиқ жорий этилганди. Бироқ Mobiuz, Ucell ва Beeline каби операторлар ўз хабарларида қарор таъсири остига тушмасликларини ва олдиндан тўловсиз хизматлар кўрсатишни кўзда тутмасликларини қайд этишмоқда.
 
ИИВ хориждан олиб чиқилган ўзбекистонликлар сонини эълон қилди

Хусусан, хориждан ватанига 7,5 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қайтарилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Шохрух Ғиёсов маълум қилади.

ИИББ карантин режими бузилган 1000 дан ортиқ ҳолатни аниқлади
 
27 март куни Тошкент шаҳар ИИББ 1046 та карантинга амал қилмаслик ҳолатини аниқлаган. Хусусан, 1007 киши жамоат жойида ниқобсиз юрган, яна уйида изоляцияда бўлиши керак бўлган 39 киши ўзбошимчалик билан уйидан чиққан.

«Ўзбекистон темир йўллари» 87 мингдан ортиқ фойдаланилмаган чипта пулларини қайтарди

Жами давлатлараро йўловчи поездлари йўналишлари бўйича 13114 та чипта, маҳаллий йўналишлар бўйича эса 73807 та чипта қайтарилган.
 
Наманганда барча ташкилотлар учун дам олиш кунлари эълон қилинди
 
Дам олиш кунлари бугундан бошланиб, 5 апрелгача давом этади. Шаҳар аҳолисига 9 кун давомида уйда ўтириш ва заруратсиз кўчага чиқмаслик кўрсатмаси берилди. Ушбу чеклов давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, солиқ органлари ва банк ходимларига тааллуқли эмас.