Kun.uz журналисти ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида билдирди

Kun.uz журналисти ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида билдирди

Kun.uz журналисти Алишер Рўзиохунов 22 октябрдан 23 октябрга ўтар кечаси ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, у ва ЙҲХББ инспектори ўртасида жанжал чиққан, уни 6 та ходим ўраб олган, кейин улардан бири Рўзиохуновни қорнига урган.
 
Тошкент шаҳар ИИББ мазкур маълумот ўрганиб чиқилиб, воқеада иштирок этган барча ходимларнинг ҳамда фуқаро А.Рўзиохуновнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини билдирди.
 
“Шу ўринда барча фуқароларимиздан, блогер ва журналистлардан, ўз мавқеини рўкач қилиб ички ишлар органлари ходимларининг ишларига халақит бермасликларини, ижтимоий тармоқларда ўзи билан содир бўлган воқеаларни бузиб талқин этиб оммага номойиш қилмасликларини сўраймиз”, – дейилади ИИББ хабарида.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди васийлик кенгашининг раҳбари Комил Алламжонов ушбу вазиятга ўз фикрини билдирди.

«Биз журналист Алишер Рўзиохунов билан содир бўлган вазиятдан ташвишдамиз. Агар журналистнинг саҳифасида ёзилганлари рост бўлса, агар ички кишлар органларининг ходимлари уни ҳақиқатдан ҳам “дубинка” билан урган бўлса, биз Ички ишлар вазирлигига ушбу вазият бўйича хизмат текширувини ўтказиш, масалага аниқлик киритиш ва айбдорларни жазолаш илтимоси билан мурожаат қиламиз. Ҳатто журналист томонидан қонун бузилганида ҳам  унга қўл кўтариш мумкин эмас. Қонун ҳамма учун баробар бўлиши керак», – деди у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.