Кунжут плантацияларини ташкил қилиш, ҳудудни ичимлик суви билан 70% гача таъминлаш: Қорақалпоғистонда уч йиллик ривожланиш дастури амалга оширилмоқда

Кунжут плантацияларини ташкил қилиш

Қорақалпоғистонда уч йиллик ривожланиш дастури амалга оширилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

10 ноябрь куни ушбу масала бўйича президент видеоселектор йиғилишини ўтказди ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига “хомашёдан тайёр маҳсулотгача” тизими бўйича фаолият кўрсатадиган 27 та саноат кластерини яратишни топширди.

Таҳлиллар асосида Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида янги тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари берилмоқда.

Дастурда қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланган. Пахта етиштириш бекор қилинаётган 12 минг гектар майдонда экспортбоп сабзавот экинларини жойлаштириш, фойдаланишдан чиққан 36 минг гектар ерни қайта ўзлаштириш, “Қорақалпоқ-агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш шулар жумласидандир. Кунжут етиштириш ва наслли қорамоллар сонини кўпайтириш, Хўжайли туманини чорвачилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек, йилига 2,5 миллиард куб метр сувни тежаш чоралари кўрилади. Бунинг учун 14 минг 200 километр каналларни таъмирлаш, 45 минг гектар экин майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этиш, сув ажратиш нуқталарида ҳисоблагичлар ўрнатиш, 38 минг гектар майдонни лазер ёрдамида текислаш жуда муҳим.  

Кейинги 3 йилда 856 километр автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш, 2 минг 500 километр ичимлик суви тармоқлари қуриш ҳисобига таъминот даражасини 70 фоизга етказиш мақсади таъкидланиб, масъуллар бириктирилди. 7 минг квартирали 235 та, ёш оилалар ва кам таъминланган аҳоли учун 2 минг 84 квартирали 36 та арзон кўп қаватли уйлар қурилиши айтилди.

«Умуман олганда, Қорақалпоғистонда ишларни янгича ташкил этиш ва назорат тизими ўрнатилади. Бунинг учун Олий Мажлис Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш ва даромадларини ошириш бўйича янги қўмита ташкил этилди», – деди Шавкат Мирзиёев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.