Маданият вазири ўзининг ҳақиқий қийматидан 57 баравар қиммат бўлган упа хариди билан боғлиқ воқеага изоҳ берди

Маданият вазири ўзининг ҳақиқий қийматидан 57 баравар қиммат бўлган упа хариди билан боғлиқ воқеага изоҳ берди

«Вазир онлайн» видеоконференциясида Маданият вазири ва вазирлик ходимлари томонидан ижтимоий тармоқда тарқалган вазирликка доир хабарларга ойдинлик киритилди, деб ёзади Kun.uz.

Видеоконференцияда Маданият вазири Озодбек Назарбеков бош прокурор иштирокидаги йиғилишда ошкор этилган вазирликдаги коррупцион ҳолатлар юзасидан берилган саволга жавоб қайтарди.

«Аввало шуни айтиш керакки, бу ҳол вазирлик учун уятли. Афсуски, мен бу воқеадан жиноят иши очилгандан сўнг хабар топдим. Яъни тендер вақтида қатнашмаганман.

Фирма томонидан вазирликка намуна тарзида тоза грим кўрсатилган. Лекин театрларга оддий маҳсулот етказилган. Бизга театр ходимлари шикоят қилишганидан сўнг жиноят иши очилди», деди вазир.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 7 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда Маданият вазирлигининг айрим мансабдорлари ўзига хос жиноий схема яратгани, муқаддам ўғирлик ва талон-торожлик жиноятлари учун 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб чиққан И. исмли фуқаро 2019 йил февраль ойида вазирлик бош ҳисобчиси лавозимига тайинлангани ҳақида маълум қилганди.

У ўзининг жиноий режаларига кўра, вазирлик харидларини фуқаро К. ва унинг яқинларига тегишли фирмаларга бериш учун 26 минг доллар улуш олган.
Шундан сўнг вазирлик тизимидаги театр, маданият уйлари ва бошқа ташкилотларга зарур грим маҳсулотлари учун таниши К.га тегишли фирмаларга 2,6 миллиард сўм ўтказиб берилган.

Ўз навбатида, бу фирмалар грим ўрнига «Ўрикзор» бозоридан 264 миллион сўмга арзон ва сифатсиз косметика маҳсулотларини сотиб олиб, уни грим эканлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, вазирликка топширган. Вазирлик эса маданият муассасаларига умуман керак бўлмаган бу маҳсулотларни грим сифатида сохта ҳужжат қилиб, уларга етказиб беради.

«Схемага кўра, маҳсулот нархи ҳужжатларда бир неча баробар қиммат кўрсатилиб, 2,3 миллиард сўм маблағ талон-торож қилинган», деганди бош прокурор.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.