«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтининг вазифалари белгиланди

«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтининг вазифалари белгиланди

“Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди, – дея хабар беради Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.
 
Қарор билан Институтнинг асосий вазифалари белгиланди.

Жумладан, Институт жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этади, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасидаги устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этади, фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга оширади.

Институт директори маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири тавсиясига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади..

Эслатиб ўтамиз, “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти 2020 йил 18 февралдаги тегишли Фармон билан ташкил этилган. Институт маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи, фуқаролар йиғинларини аҳолининг чинакам маслакдошига айлантириш ва “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш ишларини илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.